ТОШКЕНТ, ЎЗБЕКИСТОН (2022-йил 19-декабр) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва "Nephrocare Health Services Central Asia" МЧЖ (NephroPlus) Ўзбекистонда кўрсатиладиган тиббий хизматларни яхшилаш мақсадида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида тўртта диализ марказини барпо этиш мақсадида 8,39 млн. АҚШ долларгача бўлган миқдорда молиялаштириш пакетини имзоладилар. Ушбу келишув орқали ОТБ Ўзбекистонда хусусий соғлиқни сақлашни биринчи мартта молиялаштираётган бўлиб, мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасидаги биринчи халқаро ДХШ дастурини қўллаб-қувватлаша қаратилган.

Молиялаштириш ўз ичига ОТБнинг оддий капитал ресурслари ҳисобидан ажратилаётган 5,03 млн. АҚШ долларигача бўлган қарзни ва ОТБ томонидан Етакчи Осиё хусусий инфратузилма фондидан (LEAP) ажратилаётган 3,36 млн. АҚШ долларигача бўлган қарзни бошқаришни олади. Маблағлар биринчи навбатда NephroPlus томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартномага асосан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида диализ марказларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва таъмирлашга йўналтирилади. Тошкентдаги диализ маркази 160 диализ аппаратига эга бўлади ва у дунёдаги энг йирик диализ марказларидан бирига айланади.  

“Диализ сурункали буйрак касаллигига (СБК) чалинган одамларга самарали ҳаёт кечириш имконини беради”, деди ОТБнинг Хусусий сектор билан операциялар департаментининг Инвестициялар бўйича мутахассиси Аманда Тан. “Ўзбекистонда диализ хизматларига бўлган талаб, айниқса, COVID-19 пандемияси даврида таклифдан анча ошиб кетди ва шу сабабли, ушбу лойиҳа мамлакатда жуда зарур бўлган диализ хизматларининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш имкониятини яхшилайди.  Ушбу лойиҳа соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим камчиликларни бартараф этишда хусусий сектор қандай рол ўйнаши мумкинлигини намойиш этади”.

Тахминларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 30 мингга яқин бемор СБКдан азият чекмоқда ва бунда мамлакатда 3500 дан ортиқ диализ аппарати етишмайди. Тўртта янги марказ камида 1100 нафар беморга сифатли диализ хизматларини, жумладан гемодиализ ва перитонеал диализ хизматларини кўрсатади. Ушбу хизматларининг хақи давлат томонидан қопланади.

Бундан ташқари, ОТБ NephroPlus-га аёлларнинг диализ марказларида техник ва малакали ишларда иштирок этишини махсус тренинглар орқали ошириш, шунингдек, уларнинг иш жойларида гендер тенглигини таъминлаш бўйича чораларни кучайтириш бўйича гендер чоралар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ёрдам беради. NephroPlus, шунингдек, диализ аппаратларидан фойдаланиш ва диализни амалга оширишга ўқитилган ходимларнинг ярмини аёллар ташкил этишига интилади.

“Биз Ўзбекистонда биринчи бўлиб перитонеал диализни тақдим этишдан мамнунмиз ва у қишлоқ жойларидаги беморлар учун диализ хизматларидан фойдаланиш имкониятини яхшилайди. Биз фаолиятимизни кенгайтиришда давом этарканмиз, Ўзбекистондаги биринчи халқаро соғлиқни сақлаш соҳасидаги ДХШнинг хусусий шериги бўлганимиздан ва ОТБ каби халқаро молия ташкилоти билан алоқалар ўрнатганимиздан мамнунмиз”, - деди NephroPlus Бош ижрочи директори Викрам Вуппала. 

"Nephrocare Health Services Central Asia" МЧЖ - "Nephrocare Health Services Private Limited" компаниясининг шўъба корхонасидир. Nephrocare Health Services Private Limited Осиё ва Тинч океани минтақасида 300-дан ортиқ марказга эга бўлган энг йирик диализ хизматларини етказиб берувчилардан биридир. Унинг хизматларига марказда диализ, перитонеал диализ, чақирув асосида диализ, ғилдираклардаги диализ ва дам олиш вақтидаги диализ киради. Диализ беморларига соғлом, бахтли ва самарали ҳаёт кечиришларига имкон бериш учун компания Ҳиндистон, Непал, Ўзбекистон ва Филиппинда юқори сифатли ва арзон диализ хизматларини кўрсатувчи марказларни лойиҳалаштириш, қуриш ва бошқариш билан шуғулланади.

LEAP - бу ОТБ томонидан бошқариладиган фонд бўлиб, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан ажратилган 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида капиталга эга. LEAP 2016-йилда ташкил этилган бўлиб, углерод чиқиндиларини камайтиришга, энергия самарадорлигини оширишга ва ОТБнинг ривожланаётган аъзо мамлакатларига арзон соғлиқни сақлаш, таълим ва алоқа хизматларини тақдим қилувчи юқори сифатли, барқарор хусусий сектор инфратузилма лойиҳаларини тақдим этишга қаратилган.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади.  ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.

Media Contact

SHARE THIS PAGE