МАНИЛА, ФИЛИППИН (2022-йил 14-декабр) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) глобал прогнозлар ёмонлашувини ҳисобга олган ҳолда Осиё ва Тинч океани минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар учун иқтисодий ўсиш прогнозларини пасайтирди.

Бугун эълон қилинган “Осиё тараққиёти истиқболлари” (ADO) ҳисоботининг 2022 йилги нашрига ОТБнинг навбатдаги қўшимчасига мувофиқ, минтақа иқтисодиёти жорий йилда 4,2 фоизга, келаси йилда эса 4,6 фоизга ўсади. Сентябр ойида ОТБ иқтисодиёт 2022 йилда 4,3 фоизга, 2023 йилда эса 4,9 фоизга ўсишини прогноз қилган эди.

Бутун дунё ва минтақадаги марказий банклар томонидан пул-кредит сиёсатининг катъийлашуви, Россиянинг Украинага бостириб киришининг узоқ давом этиши ва Хитой Халқ Республикасида (ХХР) такроран жорий этилаётган пандемия билан боғлиқ чекловлар Осиёнинг COVID-19дан кейинги тикланиш жараёнини секинлаштирмоқда. "Нол COVID" чекловлари ва кўчмас мулк бозоридаги муаммолар Хитой бўйича ўсиш прогнозининг яна бир бор пасайтирилишига олиб келди.

“Осиё-Тинч океани минтақаси тикланишда давом этади, бироқ глобал шароитнинг ёмонлашуви шуни билдирадики, янги йил арафасида минтақанинг ўсиш суратлари маълум даражада секнлашади”, деди ОТБ бош иқтисодчиси Алберт Парк. "COVID-19 билан боғлиқ давом этаётган муаммоларини бартараф этиш, озиқ-овқат ва энергия нархлари юқорилигининг таъсирига ва бундай юқори нархланинг айниқса аҳолининг камбағал ва ҳимояга муҳтож қатламларга таъсирига қарши курашиш ва барқарор, инклюзив иқтисодий тикланишни таъминлаш учун ҳукуматлар янада яқинроқ ҳамкорлик қилишлари лозим."

ОТБ жорий йилда Осиё-Тинч океани минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар учун инфляция прогнозини 4,5 фоиздан 4,4 фоизга пасайтирди. Бироқ, энергия ва озиқ-овқат маҳсулотларининг инфляция босими давом этаётгани сабабли банк келгуси йил учун прогнозини 4,0 фоиздан 4,2 фоизга оширди.

Прогноз қилинишича, бу йил  ХХР иқтисодиёти олдинги 3,3 фоиз ўрнига 3,0 фоизга ўсади. Глобал ўсишнинг секинлашуви туфайли келгуси йил учун прогноз 4,5 фоиздан 4,3 фоизга туширилди. Ҳиндистон ЯИМ ўсиши прогнозлари ушбу молиявий йил учун 7,0 фоиз даражасида ва кейинги молиявий йил учун 7,2 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Прогнозлар пасайтирилган бўлса ҳам, ривожланаётган Осиё мамлакатларидаги ҳолат ўсиш ва инфляция нуқтаи назаридан дунёнинг бошқа жойларига қараганда яхшироқ бўлади. Малайзия, Филиппин, Таиланд ва Ветнамда истеъмол ва туризмнинг кучли тикланиши туфайли ОТБнинг бу йил Жануби-Шарқий Осиё ўсиши бўйича прогнози 5,1 фоиздан 5,5 фоизга оширилди. Бироқ, келгуси йил учун прогнозлар заифлашган глобал талаб туфайли 5,0% дан 4,7% гача пасайтирилди. Бу йил Кавказ ва Марказий Осиё бўйича ўсиш прогнози 3,9 фоиздан 4,8 фоизга оширилди, ва Фижида туризмнинг фаол тикланиши туфайли Тинч океани минтақаси бўйича прогноз 4,7 фоиздан 5,3 фоизга кўтарилди.

"Осиё тараққиёти истиқболлари" (ADO) ҳар апрел ойида чоп этилади, сентябрда янгиланади ва қисқача қўшимчалар одатда июл ва декабр ойларида чоп этилади. Ривожланаётган Осиё мамлакатлари деганда банкнинг 46 та ривожланаётган аъзо мамлакати назарда тутилади.

ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришиш мақсадига содиқдир. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган. Банкнинг акциядорлари 68 та давлат бўлиб, улардан 49 таси Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган.

Media Contact